Барча яхши хулқларнинг асоси – ҳаё
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи – ҳаёдир», дедилар. Ибн Можа ривоят қилган.

Хулқ нима дегани? Хулқ (ёки ахлоқ) инсон табиатида мавжуд бўлган сифатлар бўлиб, у икки хил бўлади: яхши хулқ ва ёмон хулқ. Юқоридаги ҳадисда яхши хулқлар назарда тутилган. Яхши хулққа нималар киради? Ислом динига риоя қилиш, ота-онага итоат қилиш, ҳаёли бўлиш, одамларни ҳурмат қилиш каби ишлар яхши хулқдир. Хулқи яхши бола яхши ниятларни дилидан ўтказиб юради. Тилини бефойда сўзлардан тияди. Фақат яхши сўзлар гапиради. Ҳаммага яхшилик қилади. Ҳеч ким билан урушиб жанжаллашмайди. Катталарга гап қайтармайди. Устози ёки ёши катталар насиҳат қилганда юзини буриштирмасдан, ерга қараб туради. Ўртоқлари билан нарса талашмайди. Бундай болани ҳамма яхши кўради ва у билан ўртоқ бўлишга ҳаракат қилишади. Катталар ҳам уни одобли, тарбияли деб мақташади. Ёмон хулқ деб нимага айтилади? Уятсизлик, ичи қоралик, бошқаларга яхшилик бўлишини хоҳламаслик, ўзини катта олиш, бировларни ғийбат ва ҳақорат қилиш ёмон хулқ дейилади. Ёмон хулқли бола ҳеч кимдан уялмайди. Бошқалардаги яхши нарсаларни кўрса, ўшани ўзиники қилиб олишни хоҳлайди. У ўртоқларига ҳасад қилади. Мақтанчоқ, урушқоқ, қайсар ва бахил бўлади. Уни ҳамма ёмон кўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиснинг иккинчи қисмида «Исломнинг хулқи – ҳаёдир», дедилар. Бунинг маъноси шуки, ҳаё Ислом буюрган хулқларнинг ичида энг муҳими ва энг қимматлисидир. Агар инсонда ҳаё бўлса, унда ҳамма яхши хулқлар мавжуд бўлади. Агар ҳаё бўлмаса, унда бошқа яхши хулқлар ҳам қолмайди. Ҳаёли бола ахлоқ қоидаларининг ҳаммасига бирдек амал қилади. Агар ёмон одатлардан биронтасини қилиш унинг дилидан ўтиб қолса, дарров уялиб кетади. Бундай пайтда Аллоҳга истиғфор айтиб, ўзининг дилини тезда тузатиб олади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаё иймондандир» деганлар. Демак, кимнинг ҳаёси кучли экан, унинг иймони кучли бўлади. Ҳадисдан олинадиган сабоқлар: 1. Ислом барча яхши хулқларга тарғиб қилади ва ёмон ахлоқни қоралайди. 2. Ҳаё (уятчанлик) ҳамма яхши хулқларнинг бошидир. 3. Ҳаёли одамда ҳамма яхши хулқлар мавжуд бўлади. 4. Ҳаёли одам ҳеч бир ўринда одобсизлик қилмайди.
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб бир миллиарддан ортиқ одам Рамазон ойида рўза тутади. Ушбу амалиёт давоми...

09:36 / 29.05.2019 4191
Ўн олтинчи кун... Ассалому алайкум Бугун ўн олтинчи кун. Бугун сизларга рамазондан олдин бўлиб ўтган бир давоми...

20:56 / 11.06.2017 3335
Витаминларга бўлган эҳтиёж инсоннинг ёши, жинси, жисмоний фаоллиги, сурункали касалликларнинг давоми...

13:59 / 22.11.2016 6908
Эртага 26 апрель куни пойтахтимизнинг Хўжа Аламбардор масжидида бўлиб ўтадиган XXVII Қорилар мусобақаси олди давоми...

16:46 / 25.04.2017 4623