Расулуллоҳга салавот айтишнинг фазилатлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом йўлланг» (Аҳзоб сураси, 56-оят)

Ушбу ояти карима Аллоҳ таолонинг ҳузурида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг қадрлари қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа кимдир эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга салавот айтиши таъкидланмоқда.
Салавот Аллоҳдан бўлса, бандаларига раҳмат, мағфират ва неъматдир. Салавот фаришталардан бўлса, истиғфорлари ва хизматлари билан ул зотга иззат-икром кўрсатишдир. Салавот умматлардан бўлса, дуо ва эъзозлаш маъносини англатади. Набий алайҳиссаломга айтилган салавот – дуодир, дуо бўлганда ҳам, дуоларнинг афзалидир. Умматларнинг Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши у зотнинг бунга муҳтож бўлганлари учун эмас, чунки Аллоҳнинг салавоти турганда бандалар тугул, фаришталарнинг салавотига ҳам ҳожат йўқ. Аллоҳ таолога элтувчи зинапоя бўлган бу амал Расулуллоҳни улуғлаш, у зотга бўлган муҳаббат ва ҳурматни изҳор қилиш, шу билан бирга савоб умид қилишдир.

Банда Набий алайҳиссаломга қанчалик кўп салоту салом айтса, у зт ўша бандани шунчалик яхши кўрадилар. У зот соллалоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари эса бандага Аллоҳнинг муҳаббатини насиб қилади. Аллоҳнинг муҳаббати эса бандани Роббининг ҳузурига, қурбатга тортади. Бу дунёдаги барча саъй-ҳаракатларимиздан мақсад фақат Аллоҳга муқарраб бўлиш ва ул қудсий даргоҳга етишишдан иборат.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни менга энг яқин кишилар – менга кўп саловот айтганлардир», деганлар.

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда кўп. Имом Термизий ва имом Насаийлар ривоят қилган яна бир ҳадисда Ҳабибуллоҳ алайҳиссалом: «Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишда у зот ўзлари ўргатгандек қилиб, суннатда келган сийғалар билан, гўзал ва фасоҳатли қилиб, эҳсон даражасида, Ҳабибимиз алайҳиссаломни кўриб тургандек қилиб айтиш мақсадга мувофиқдир.

Бугунги тадбиримиздан Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни эслашни, у зотга муносиб уммат бўлиш учун янада ғайрат қилишни мақсад қилган эканмиз, ушбу анжуманни у зотга муҳаббатимизни изҳор қилишнинг энг афзал кўриниши, яъни салавот айтиш билан якунлайлик. У зотга ҳар бир салавотимиз етказилади, у зот ҳар бир салавотимизга жавоб берадилар. Келинг, ҳаммамиз жўрликда у зотга салавот айтайлик. Шоядки Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлиб, у зотнинг шафоатларига муяссар бўлсак…

Мавзуга оид мақолалар
Урф сўзининг луғавий маъноси яхшилик қилишrdquo, умумий эътирофrdquo, баҳо, аниқликrdquo каби маъноларни давоми...

00:33 / 30.06.2022 8904
Таяммумнинг шартлари 1. Ният қилиш. Яъни таяммум қилишни қалбига тугиш. Ниятнинг вақти қўлини таяммум давоми...

19:25 / 10.11.2016 8585
gallery linkfile sizemedium ids18338,18339,18340,18341,18342,18343 Яқин кунларда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра инсон ўртача ҳар давоми...

20:11 / 11.03.2017 5141
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи. У биз учун то қиёматгача дастурул амал. Бунга иймон келтирганмиз. давоми...

21:00 / 31.08.2023 2850