Замонавий контрацептив воситалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Замонавий контрацептив воситалардан фойдаланиш ҳақида Ислом дини қандай кўрсатмалар беради?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Замонавий ҳомилани ман қилувчи воситалар, албатта, бизнинг замонамизда чиққан.

Қуръони Карим нозил бўлиб турган пайтда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётда юрган пайтларида, саҳобаларнинг даврларида, тобеъинларнинг даврларида, табаъ тобеъинлар, кейинги мужтаҳид уламоларимизнинг даврларида бу каби воситалар бўлмаган.

Ҳомилани ман қилувчи воситалар яқин орада юзага чиқди, уни, албатта, Ғарбдаги халқларнинг вакиллари, мутахассислари чиқаришди.

Шунинг учун бу нарса аввал Ғарбда жорий бўлиб, татбиқ қилиниб, кейин шарққа, мусулмонлар яшайдиган юртларга ҳам кириб келди, шунинг учун ҳозирги саволга ўхшаш саволлар мусулмон уламоларига мусулмон кишилар томонидан бериладиган бўлди.

Буни уламоларимиз ўрганиб чиқдилар. «Қадимда шунга ўхшаш бирор ҳодисалар, амалиётлар бўлганмикан?» деган саволларга ўша пайтда арабларда «азл» деб аталган нарса бўлиши ўрганилди. Китобларда бу нарса борлиги, ривоятларда келгани маълум ва машҳур.

«Азл» деганда жинсий алоқа пайтида уруғликни эркак киши ташқарига тўкиши тушунилади. Ана шуни ҳомиланинг олдини олиш воситаси деб тушунилади. Бунга уламолар ўша пайтдаги сўралган зотлар қандай жавоб берганига қарашди.

Бу нарса кўпроқ чўрилари бор кишилар томонидан чўрилар билан муносабатда қилингани ҳам аниқланди.

Энди бу масала бизда йўқлиги учун унга мурожаат қилинмайди. Чўримас, ҳур аёлларга бўладиган муносабатда «Ана шу аёлнинг ўзини рухсати билан қилса бўлади, эмизикли бўлиб турган аёлнинг яна ҳомиладор бўлиб қолмаслиги чорасини кўриш учун қилган бўлишлари мумкин» деган гаплар айтилди.

Мана шунинг асосида бугунги кунда жорий бўлган ҳомилани ман қилиш воситаларини ишлатиш, у бир қўйиладиган асбоб бўладими ёки ичиладиган дори сифатидаги нарса бўладими, ёки бошқа ҳолатлар бўладими, уламоларимиз айтадики:

«Бу нарсалардан фойдаланишга фақат аёл кишининг соғлиги ҳомиладорликни кўтара олмайдиган пайтда, ана шу нарсадан бир оз четланиб туриб, аёл ўз соғлигини тиклаб олганидан кейин яна ҳомиладор бўлиш қобилияти ўз ўрнида турадиган ҳолатда қилиб, истисно тариқасида фойдаланса бўлади».

Лекин зинҳор ва зинҳор наслни чеклаш маъносида, бола кўрмасликдан бир чора сифатида, бола кўришдан қочиш маъносида буни қилишга рухсат берилмайди. Валлоҳу аълам.

 
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонларни эркак ва аёл қилиб, яъни жуфт яратганлигининг ҳикмати. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг давоми...

20:44 / 28.02.2017 6951
Йигирма биринчи кун... Ассалому алайкум. Бугун йигирма биринчи кун. Эрталаб кўчага чиққан эдим. Ҳар давоми...

21:15 / 16.06.2017 4283
Бургут қиссасиТоғ чўққисида бир она бургут яшарди. У бўлажак авлоди соғлом, етук бўлсин деб айнан шу ерни давоми...

18:12 / 25.11.2021 23564
gallery linkfile ids5873,5838,5842,5846,5847,5849,5851,5852,5853,5854,5857,5858,5859,5860,5861,5862,5863,5865,5867,5868,5869,5870,5871    Бугун фазилатли Шайх Муҳаммад давоми...

18:49 / 04.02.2017 11274