Голливуд дунёсидан Ислом дунёсига ғаройиб саёҳат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мактаб битирувчиси Жайме Браун бундан 10 йил аввал ўз туғилиб ўсган шаҳарчаси Кеношани ташлаб, Лос Анжелосга йўл олганида ҳеч ким уни мусулмон бўлиб, ҳижобда қайтади, деб ўйламаганди.

Айни пайтда 36 ёшли Браун тадбиркор аёл ва икки фарзанднинг онаси. Қачонлардир у мактабдан сўнг сартарош бўлиб ишлаб юрди, 20 ёшдан бироз ўтиб эса, ғарбга кетишга қарор қилди. Дастлабки йилни у одатдаги голливудча турмуш тарзи билан ўтказди – клип ва рекламалар учун соч турмаклари ҳамда макияжлар ясади, машҳурлар билан танишди, кечалари тинмай кезиб юрди.

Шундай бўлса-да, бир одати билан атрофидаги кўпчиликдан ажралиб турарди – у черковга борарди. Жайме ўзининг туғилган шаҳрида католик мактабига борган ва ибодатхонага тинмай қатнаган. 20 ёшларида у ҳаттоки диний мактабда ҳам дарс бериб юрди, лекин уни ҳар доим насроний таълимотидаги мантиқий нуқсон қийнаб турарди.

“Ҳар доим менга насронийлик 92 фоизга тўғридек туюларди, – дейди у. – Руҳонийлар билан суҳбатлашиб, мен мантиқий тўғри ечимга муҳтожлигимни айтганимда улар Инжилни диққатлироқ ўқиш зарур, деб жавоб беришарди.  

Мен ҳар доим чин эътиқодга асосланган, шу билан бирга соғлом мантиққа эга ниманидир излардим. Сохтаси эмас, далили бори керак эди. Менга бошни айлантирувчи топишмоқлар керак эмасди”.  

Бир куни унга Лос-Анжелосдаги ҳамкасби Қуръон нусхасини берганида ҳаммаси ўзгариб кетди. “Шошмай туринг, – дедим мен, – ахир бу ерда шу пайтгача ҳеч ким жавоб бера олмаган барча саволларимга жавоб бор-ку!”

Браун қўшимча саволлар билан масжидга ташриф буюрди, эгнида йиртиқ кўйлак ва жинсишим бўлса-да, уни илиқ кутиб олишди ва у энди тез-тез келиб турадиган бўлди.

Бироқ Голливуд – динни ўрганиш учун тўғри келадиган жой эмас. Жайме Лос-Анжелосда 2,5 йил яшаб, бошқа чидолмаслигини тушунди.

“Мен бу инсонлар билан ортиқ қололмайман, уларнинг орзулари менга керак эмас, улар билан бўлишадиган муштарак ҳеч нарсам йўқ”.

У Ислом динини қабул қилишга қарор қилди, лекин буни бирор-бир мусулмон диёрида амалга ошириш керак эди. Жайме Марокашга чипта сотиб олди, барча нарсаларини сотиб юборди – кўйлаги, оёқ кийими, мебеллари ва шундайича чиқиб кетди.

Мароккога келиб, бошига рўмол ўраб юришни бошлади. Тез орада у Касабланкадаги Хасан IIмасжидида шаҳодат калимасини айтиб, Исломни қабул қилди.

Шундан сўнг у бир оиладаги аёллар билан танишиб қолди, улар Жаймега барчасини ўргатиш учун Рамазон ойида уни меҳмонга чақиришди. Охирида эса худди шу оиладан бўлган бир йигитга турмушга чиқди.  

Ҳозирда Браун АҚШда яшайди, интернет ва мода оламидаги икки компанияни бошқаради.

“У одатдагидай қиз, фақат бошқа динда, – дейди унинг дугонаси Алена Франк. – Мен олдинга қадам босгани учун нимага ишонган бўлса, шуни амалга оширгани боис у билан фахрланаман. Бу осон ишэмас, айниқса, хилма-хиллик кам бўлган бизнинг кичик шаҳарчамизда. У бахтлидир!”

Пўлатов Ихтиёржон таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Шом аҳли, ўз диёрларининг шамчироғини бу дунёдаги сўнги манзилига элтдилар. 2013 йил 23 март шанба куни Шайх давоми...

05:37 / 27.12.2016 6182
Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин Ишлари бўйича қўмита ахборот хизматининг хабар беришича, барча зиёратчилар давоми...

20:27 / 02.01.2017 3665
Аллоҳнинг бандаларига фазли Аллоҳ таоло бандаларини кўпгина неъматлар ва фазллар билан неъматлантириб, давоми...

14:47 / 31.05.2019 3839
     Бир киши намозларини жамоат билан ўқиш учун ҳар куни масжидга борар эди. Тўсатдан масжидга боришни давоми...

18:51 / 21.03.2017 4905