Айиқнинг дўстлиги
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кунларнинг бирида битта айиққа катта бир илон ҳужум қилди. Махлуқ қутулишга ҳаракат қилиб, чорасизликдан ўкирди. Ўша пайтда яқин-атрофдан бир жасур киши ўтиб қолди. У қиличининг зарбаси билан илонни чопиб ташлади ва айиқни қутқарди. Айиқнинг ўз халоскорига нисбатан муҳаббати ва миннатдорчилик ҳисси жўшиб, унга эргашди, доим унинг ортидан юрадиган бўлди.

Бир куни ўша киши касал бўлиб, ётиб қолди. Айиқ уни ҳамон тарк этмади. У унинг бошида ўтириб, тузалишини кутарди.

Бир ўткинчи қизиқиб сўради:

– Бу айиқ олдингда нима қиляпти?

Бемор унга айиқни илондан қутқарганини, ўша кундан бошлаб у содиқ дўст бўлганини ҳикоя қилиб берди.

Шунда ўткинчи бошини чайқаб деди:

– Эҳ нодон инсон! Айиқ билан дўст тутинма! Унга бунчалар ишонма. Ақлсизнинг дўстлиги унинг душманлигидан ҳам ёмон бўлади. Агар ақлинг бўлса, ундан узоқроқ юр.

– Сен бизнинг дўстлигимизга ҳасад қилганинг учун шундай деяпсан. Ўзингча айиқ ҳақида ёмон гап гапирма. Унинг менга қанчалар боғланиб қолганига қара, – деди бемор.

– Агар шундай бўлганда ҳам менинг ҳасадим айиқнинг дўстлигидан яхшироқ, – деди ўткинчи. – Тур! Мен билан юр, ўзингга ўхшаган билан дўст тутин.

Бироқ бемор унга қулоқ солишни истамади ва:

– Эй ичи қора, мендан нари юр! – деб уни ҳайдаб солди.

Ўткинчи ҳам:

– Ҳеч кимга душман эмасман. Мен билан кетсанг, ўзингга яхши бўларди, – деб йўлида давом этди.

Бироздан сўнг бемор ухлаб қолди. Айиқ эса унинг бош тарафида пашшаларни қўриб ўтирарди. Бироқ пашшалар ҳам кетай, демасди. Биттаси қайсарлик билан беморнинг юзига қўнган жойидан учмай туриб олди. Ғазабланган айиқ яқин атрофдан катта тошни олди-да, жаҳл билан зарарли ҳашаротни ўлдиришга киришди...

Тош ухлаб ётган одамнинг бошини ёриб, уни ҳалок қилди.

Қиссадан ҳисса шуки, аҳмоқ кишининг муҳаббати худди айиқнинг дўстлигига ўхшайди. Унинг сенга қилмоқчи бўлган яхшилиги сен учун ҳалокатдан иборат бўлиши ҳеч гап эмас.

Мавзуга оид мақолалар
O`zbekiston Xalqaro Islom Akademiyasi Islomshunoslik fakulteti 4bosqichIslom Huquqi guruhi talabasi Saidhanbaleva Soliha Saidafzal qizisaidhanbalevasolihagmail.com Tel998901336103 Biz butun jahon давоми...

19:31 / 31.05.2023 2517
embedhttpswww.youtube.comwatchvF6zQaFn48OQembed

10:43 / 14.06.2017 4786
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мўминларнинг иймони давоми...

19:20 / 12.11.2016 6207
Оддий қилиб тушунтирганда касаллик бу, инсон организмининг кундалик эмоционал стресслар, инсон ҳаётида давоми...

15:42 / 26.12.2016 9148