Бир суннат изидан ёхуд ҳимматни сендан ўргандим, кунгабоқар!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Биз сени оламларга  фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, китоби – Қуръон бутун башариятга раҳматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал рисолатлари борлиқдаги энг азиз мавжудот ва бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар инсон эканини барчага билдирди. Ислом инсоннинг мартабасини энг юқори даражага кўтарди.

Қуйидаги ҳадис бунинг яққол далилидир:

“Халойиқ Аллоҳнинг аҳлидир. Халойиқнинг Аллоҳ ҳузурида энг маҳбуби У Зотнинг аҳлига яхшилик қилганлардир”.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмон раҳм қилувчиларга раҳм қилур. Ер юзидаги бандаларга раҳм қилсангиз, сизга осмондаги Зот раҳм қилур”, деганлар.

Ўзаро раҳм-шафқат қилишга, бир-биримизга меҳр улашишга бундан ортиқ тарғиб бўладими? Дунё тез суръатларда ривожланиб, ўзининг тарихида забт этмаган чўққиларни бирин-кетин эгаллаб боряпти. Авваллари қариндошлар ҳолидан хабар олиш учун вақт талаб қилиниб, масофалар босиб ўтилган бўлса, ҳозир биргина қўнғироқ орқали дийдорлашиляпти ва бу кифоя қиляпти... Аслида-чи?!

Кунгабоқар ҳақида эшитмаган, далаларда барқ уриб, ўсиб турган кунгабоқарни кўрмаган инсон йўқ бўлса керак. Уларнинг номи нега кунгабоқар? Чунки улар доимо қуёшга қараб турадилар, шарқдан чиқиб, ғарбга ботгунига қадар унга термуладилар.

Олимлар бу ҳодисани синчиклаб ўрганишганда, тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, кунгабоқарлар ҳаво булутли бўлиб, қуёш кўринмай қолганида, бошларини эгиб олишаркан. Ерга қараб қолишадими? Йўқ, улар бир-бирларига қарашаркан. Гўёки ғамгин бўлма, мана менинг юзларимга боқ, бу юзлар доимо қуёш нуридан баҳра олган, сенга излаганинг қуёш тафтини, унинг меҳрини бера олади, дегандек.

Ўқий олган кишига коинот катта китобдир. Аллоҳ таолонинг ҳар бир яратиғида биз учун ибратлар бор.

Азизим, бугун сиз кимга табассум ҳадя этдингиз? Қайси бир ғамбода юракка малҳам бўлдингиз? Йиғлаган қайси кўзларни меҳрингиз-ла юпатдингиз? Маҳзун, қайғу-ғамдан хам бўлган бирон азиз бошга елка тутолдингизми? Келинг, биз бузувчи эмас, ислоҳ қилувчи бўлайлик, дилозор эмас, кўнгилларга малҳам бўлайлик. Бу шунчалар қийинми?! Асло!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг марҳаматига эришиш учун Бану Одамга раҳм-шафқат кўрсатишни асосий шарт қилиб қўйдилар. Ҳаммамиз ҳам Роббимизнинг сўнгсиз раҳматига муҳтожмиз. Раҳмат эшиклари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат, суннатларига эргашиш орқали очилар экан, бу йўлда бир-биримизга ўзаро ғамхўр ва меҳр-мурувватли бўлайлик...


Бахтихон Шарипова

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримда бир буюк оят борки, бизга дунёда муваффақиятга эришиш ва охиратда нажот топишнинг тўртта давоми...

21:06 / 05.07.2023 1889
Ёш муслима Forbes рўйхатига кирди Forbes журнали ҳар йил эълон қиладиган 30 ёшгача бўлган энг эътиборли кишилар давоми...

15:54 / 19.01.2018 3737
ДИНИМИЗГА ХИЗМАТ ҚИЛИБ ЎТДИЛАР Баҳор ойининг изғиринли илк кунларида  яшин тезлигида тарқалган шум давоми...

12:55 / 27.02.2017 4646
57масала Бетаҳорат киши мусҳафни ёки унинг жузларини ушлаши жоиз эмас, ўша жой оятлар ёзилган жойми, бошқа давоми...

12:31 / 20.06.2019 2819