Эзгулик мавсуми бошланди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ойлар ичида бир ой борки, ҳар сафар ташриф буюрар экан, у мусулмон оламига бир жаҳон шодлигу шукуҳ, солиҳ амаллар ва иймоний руҳ олиб келади. Ҳали бу ой бошланмай туриб, одамларнинг кайфиятида ўзгариш, ҳатти-ҳаракатларида жонланиш, юракларида шижоат пайдо бўлади.

Кимдир Рамазон бошланишига неча кун қолганини ҳисоблаб, тақвим варақлаган, яна кимдир китоб дўконларидан рўза аҳкомлари битилган рисола сотиб олган, яна кимдир саховат ойининг саҳарлигу ифторлигида ўз оила аъзолари учун тўкинлик яратиш ва шу билан ҳам савоб ҳосил қилиш ниятида бозорга йул олган, яна кимдир эса бу ойда Қуръонни қайта ўқиб тугатишни ният қилган, шу билан бирга, масжидлардаги Хатми Куръон мажлисларида иштирок этишни дилига тугиб, дунё ташвишларини камайтиришга киришган.

Ниҳоят, бутун оламга Рамазон ҳилоли кўрингани хушхабари тарқалди. Мўмин инсонларнинг чеҳраларидан таралаётган иймон нурларини ҳис қиласиз, қалбларингиз сурурга тўлади.Табаррук ойнинг ҳилоли само гумбази дарчасидан аҳли Исломга бир неча дақиқа кўрингандек бўлади-ю, сўнг уятчан қизалоқдек ўзининг хос манзилига яширинади. Иншааллоҳ, бир неча кундан сўнг у яна замин узра ўз нурини ёяди, бир ой муддат давомида муборак тунларда у бизларга ҳамроҳ, ибодатларимизга гувоҳ бўлиб туради.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу ойда у Зотнинг раҳмати ва мағфирати устимиздан одатдагидан кўпроқ ёғилиб туради. Муборак ой кириб келгандан бошлаб, ёру дўстлар бир-бирларини ифторлигу са=арликларга таклиф қилишга ошиқадилар. Одамларнинг муносабатлари ва ўзаро муомалаларида илиқлик ҳукмрон. Бадавлат инсонларнинг қалблари юмшаган, сахий инсонларнинг ҳиммати жўш урган. Бундай пайтларда муҳтожларнинг ҳожатлари раво бўлади, камбағалларнинг ғамлари арийди, қарздорларнинг андуҳлари чекина бошлайди.

Абу Ҳурайра разияллоху анхудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ салаллоҳу алайхи васаллам: «Рамазон ойидан бирор кеча бошланган пайтда шайтонлар ва жинлардан энг ярамаслари занжирбанд этилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, уларнинг биронтаси ҳам очилмайди, жаннат дарвозалари очилади уларнинг биронтаси ҳам ёпилмайди. Бир жарчи нидо қилиб айтади: «Эй яхшилик тарафдори, ҳаракатингни бошла, эй ёмонлик тарафдори, сен тўхта! Яна Аллоҳ дўзахдан бир қанча инсонларни озод қилади, бу ҳолат ҳар кеча такрорланади», – дедилар.

Бу сўзлар ҳаққу-рост эканлигида шубҳа йўқ. Бунинг далиллари, юқорида эслаб ўтганимиздек, биз яшаётган дунёда ҳам намоён бўлади. Ҳар гал Рамазон келганида, ҳамма ўзининг табиатида Аллоҳ яратган яхши хислатларини зоҳир қилишга ҳаракат қилади. Бу ой яхшилик истаган ҳар бир инсон учун айни ғаниматдир. Келинг, эзгулик мавсумида барчага эзгулик улашайлик!

 

Одам зурриётин йўқлаб ҳар замон, Нурлар улашгани келди Рамазон.

Бежиз эмасдир бу, демак, унутма Оламда эзгулик ҳокимдир ҳамон.

Бу шундай мавсумки, замину-осмон Покланур, ўзгарур яхшию-ёмон.

Яхшилар ичрасан, сен ҳам яхши бўл, Шундан иборатдир матлуби иймон.

Мавзуга оид мақолалар
Она ўғлидан эрига шикоят қилиб қолди. Нима эмиш, ўғли ўртоқлари билан қабристонга тезтез борадиган бўлиб давоми...

22:13 / 19.11.2023 4335
ТАҚДИМ Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл Алишер НАВОИЙ   Олимларнинг давоми...

17:11 / 23.03.2017 4642
Сайтлардан бирида Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз деган сўровнома ўтказилди. Уч ярим минг киши давоми...

21:00 / 25.09.2019 4216
Ҳижрий 3 йил, Рабиъус соний ойи мил. 624 йил сентябрьоктябрь Бану Сулайм қабиласи Мадинага ҳужум қилиш учун давоми...

11:35 / 11.12.2016 6468